• Выберите язык:

Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий -тадқиқот институти

  • ravshan@gmail.com
  • Bulls Stadium, California
  • +998998046751
МЕВАЛИ БОҒЛАРНИ КАСАЛЛИКЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ

Интенсив усулда ўстириладиган боғлар экин майдонларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишда уларда учрайдиган касалликларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Янги навларни етиштириш жараёнида аввал республикамиз маҳаллий боғларида учрамаган ёки зарари сезиларли даражада бўлмаган касалликлар авж олиши кузатилмоқда.  Бу борадаги асосий вазифалардан мевали дарахтларда касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни тур-таркибини аниқлаш, тарқалиш ареали, зарари ва биоэкологик хусусиятларини ўрганиб, илмий асосланган кураш тизимини қўллаш шу куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Ушбу тавсияномада Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида олим ва мутахасиссларнинг  кўп йиллик тажрибалари асосида  олинган маълумотлар келтирилган. Шубҳасиз бу тавсиянома боғдорчилик фермерлари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.

 МЕВАЛИ  БОҒЛАРДА УЧРАЙДИГАН АСОСИЙ КАСАЛЛИК ТУРЛАРИ

Мевали боғларда 50 дан ортиқ касалликлар учрайди.  Бу касалликларни асосан замбуруғлар, бактериялар ва вируслар каби микроорганизмлар қўзғатади.

Замбуруғли касалликлардан асосан калмараз, ун шудринг, монилиоз, қора рак, клястероспориоз, шафтолини барг бужмайиш, олхўри чўнтакчаси, бактериал куйдирги  ва бактериал рак касалликлари учрайди.

ЗАМБУРУҒЛИ КАСАЛЛИКЛАР 

Калмараз касаллиги. Калмараз касаллигини Fusicladium dendriticum замбуруғи олмани ва Fusicladium pyrorum тури нокни зарарлайди. Калмараз касаллиги олма ва нок дарахтларининг барг, гулкосабарглари ва меваларини, барг ва мева бандларини, баъзан новда ва куртак тангачаларини зарарлайди. Барг устида 1-2 та ва ундан кўпроқ доғлар пайдо бўлади. Баргни устки қисми қўнғир доғлар билан тўла қопланганда баргларни четлари буралиб ва кучли зарарланганлари тўкилади. Меваларда барглардагига ўхшаш доғлар пайдо бўлиб, сўнгра улар қўнғир тус олади, меванинг усти ёрилади ва шакли ўзгаради. Зарарланиш натижасида мева ҳосилининг миқдори ва сифати бевосита камаяди. Баҳорда салқин ҳаво ва юқори намлик бўлганда ҳосилнинг 25-70% гача бўлган қисми зарарланади ёки умуман  нобуд бўлади. 

1-расм. Олма ва нок нинг калмараз касаллиги билан зарарланиши:

Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар ерга тўкилган барг ва меваларда қишлайди. Замбуруғларни ривожланиши учун ҳаво ҳарорати 20-25оС ни талаб этади. Улар ёмғир ва шамол орқали бошқа барг ва меваларга тарқалади, бу жараён мавсум давомида бир неча марта такрорланади.

Монилиоз касаллиги.

Касалликни Monilia туркумига мансуб M. cinerea, M. fructigena ва M. cydoniae турлари қўзғатади. Монилиоз касаллиги билан гилос, олхўри, шафтоли, олча, олма, нок ва беҳи дарахтларининг барглари, гуллари, ёш новда ва меваларини зарарлайди.

Дарахтлар гуллаётганда замбуруғ гул оталигига ўтиб, унда ривожланади ва унинг ўсимталари гул ичига кириб гулни қуритади. Замбуруғлар мева новдасининг пўстлоқ тўқимасига ўтади ва бундай новда жуда тез қурийди.

Бу касалликка учраган ёш новдалар ва гул ғунчалари гуллаб бўлиши биланоқ сўлийди ва қурийди. Қуриган новдалардаги гул ва барглар узоқ вақтгача тўкилмай туради. Дарахт учлари совуқ урганга ёки куйганга ўхшаб қолади. Касаллик юққан йўғон бутоқларнинг пўстлоғи шикастланади, пўстлоқнинг шикастланган жойларида яралар пайдо бўлади ва улардан кўп миқдорда елим оқиб туради. Ҳаво ҳарорати 24-28оС бўлганда касаллик белгилари 3-5 кунда пайдо бўлади. Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар зарарланган гул бандларида, новдалардаги яраларда ва мумиёланган меваларда қишлайди. Улар ёмғир, шамол ва асаларилар ёрдамида тарқалади .

2-расм. Монилиоз касаллиги билан зарарланиш:

Ун-шудринг касаллиги. Бу касалликни Podosphaera leucotricha замбуруғи қўзғатади. Ун-шудринг касаллиги дарахтларнинг барг, гулкосабарглари ва меваларини, барг ва мева бандларини, новда ва куртакларини зарарлайди. Олдин баргларнинг остки томонида оқ ёки оч-кулранг, унсимон ғубор пайдо бўлади. Вақт ўтиши билан ғубор баргнинг ҳар икки тарафига тарқалади ва баргларни бутунлай қоплаб олади. Барглар буралиб, қайиқсимон, усти ғадир будир шакл олади, кичик бўлиб қолади. Улар ерга тушиб кетади: август ойининг ўрталарида дарахтдаги баргларнинг ярми тўкилиши мумкин. Зарарланган новдалар ўсишдан орқада қолади, усти кумушсимон оқиш – кулранг ғубор билан қопланади, бўғин оралари калта бўлиб қолади. Ёз ўрталарида барг ва новдадаги ғуборлар қўнғир тус олади. Баҳорда зарарланган олма новдаларидаги куртаклар соғломларидан 5-8 кун кейин ёзилади, гулкосабарглари устида оқиш- сарғиш ёки оч –яшил тус ва хунук шакл олади, кичрайиб қолади ва одатда мева тугмайди.  Зарарланган олма меваларининг ўсиши секинлашади, усти қўнғир, тўрсимон доғлар билан қопланади, ёш мевалар тўкилиб кетади.

Ёш ўсимликлар айниқса кучли зарарланади, кўчатзорларда касаллик ниҳолларга катта зарар етказади, уларнинг барча баргларини зарарлайди ва новда ўсишини сусайтиради, новдалар қўнғир тус олиб, қуриб қолади. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ зарарланган куртакларда қишлайди, улар ёмғир ва шамол ёрдамида тарқалади. Ҳаво ҳарорати 20-22оС ва намлиги 70% бўлганда замбуруғ яхши ривожланади.

3- расм. Олмада ун шудринг касаллигини белгилари

Қора рак касаллиги. Касалликни Sphaeropsis malorum замбуруғи қўзғатади. Қора рак билан олма ва беҳи дарахтларининг гул, барг ва мевалари зарарланади, аммо унинг энг хавфли кўриниши дарахт танаси ва йўғон шохларида намоён бўлади.  Гулкосабаргларда касалликнинг биринчи белгилари кичик қизил доғлардан бошланади, вақт ўтиши билан улар қизил хошияли, тўқ-қизил рангли доғларга айланади. Гуллар тўкилгандан 1-3 ҳафта ўтгач баргларда касалликнинг биринчи белгилари – кичик тўқ-қизил доғлар пайдо бўлади, кенглиги 4-7 мм га етади, четларида тўқ-қизил ранг сақланиб, ўрталари жигарранг, сўнгра қизғиш-қўнғир тус олади. Кучли зарарланган баргларнинг устки қисми ола-була кўринишда бўлиб, кейинчалик тўкилиб кетади. Бу касаллик меваларда кичик қизил доғлар пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан улар тўқ –қизил рангли, кенглиги 0,1-1,0 мм келадиган бўртмаларга айланади. Бўртмалар мева пишиб бошлангандан кейин катталашади ва зарарланган ёш мевалар муддатидан 3-6 ҳафта олдин пишиб етилади, меваларнинг ички қисмлари чирийди ва тўкилиб кетади, айримлари чиримасдан дарахтда қолади. Дарахтларнинг танаси, новда ва шохлари зарарланганида ботиқ, қўнғир доғлар пайдо бўлади ва ҳажми катталашиб, қора яраларга айланади. Қора яралар новдани ўраб олган жойидан синиб кетади. Қора яралар билан касалланиш натижасида пўстлоқ усти қисми бутунлай ёрилади, ёғоч қисми очилиб қолади, бу эса дарахтнинг нобуд бўлишига олиб келади.

4-расм. Қора рак билан олма

Касаллик замбуруғлари дарахтларнинг тана, шох ва новдаларнинг ёриқларида қишлайди, баҳорда ёмғир ва шамол ёрдамида тарқалади.  Ҳаво ҳарорати 26-27оС бўлганда касалликни қўзғатувчи замбуруғ яхши ривожланади.

Клястероспориоз касаллиги. Бу касаллик барча данакли мева дарахтларида учрайдиган энг хавфли касалликлардан бири ҳисобланиб, олинадиган ҳосил микдори ва унинг сифатига катта зарар етказади. Касалликни Clasterosporium carpophilum замбуруғи қўзғатади.

Касаллик асосан кўкламда бошланиб, баргларда дастлаб қизғиш қўнғир рангли майда думалоқ доғчалар пайдо бўлади ва аста-секин катталашиб бу доғлар кўчиб тушади, натижада барг илма-тешик бўлиб қолади.  Меваларда ҳам қизғиш қўнғир доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар аста – секин катталашиб, бир-бирига туташади ва қўтирга айланади. Кўк новдаларда ҳам сарғиш қизил рангли думалоқ доғлар пайдо бўлади, улардан елим оқади ва тузалмайдиган яраларга айланади.

Касаллик ривожланиши учун оптимал ҳарорат 18–22оС ва ҳаво намлиги 70–80% ҳисобланади. Замбуруғлар касалланган новдаларда, шунингдек елим оқиб турган яраларда ва куртак тангачалари орасида қишлайди. Улар ёмғир ва шамол орқали тарқалади (5-расм).

5-расм. Клястероспориоз касаллиги билан зарарланган ўрик мевалари

 Олхўри чўнтакчаси касаллиги. Бу касалликни Exoascus pruni замбуруғи қўзғатади. Данакли мева дарахтларидан, айниқса олхўри дарахти меваларига энг катта зарар келтирадиган замбуруғли касалликлардан бири олхўри чўнтакчаси касаллиги бўлиб, бу касаллик республикамизнинг тоғ олди ва тоғли туманларида кўпроқ учрайди.

Бу касалликка учраган олхўри дарахтининг мевалари жуда суст ривожланади, шакли ўзгаради ва шишиб узунчоқ ҳолатда пуч яъни данаксиз бўлиб қолади. Касалланган мевалар пишиб етилиш вақтига келиб тўкилиб кетади. (6-расм).

6-расм. Олхўрида чўнтакча касаллигининг белгилари

Касалликни ривожланиши учун қулай ҳарорат 17–19оС ва ҳаво намлиги 70,0–85,0% ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ новдаларда куртак орасида ёки пўстлоқ ёриқларида қишлайди. Улар шамол, ёмғир ва асаларилар орқали тарқалади

Шафтолини барг бужмайиш касаллиги. Республикамизнинг барча худудларида кенг тарқалган ва ҳавфли ҳисобланган замбуруғли касалликлардан биридир. Касалликни Taphrina deformans замбуруғи қўзғатади.

Ҳар йили бу касалликнинг учраши ва зарари барча шафтоли етиштирадиган худудларда кузатилади. Касаллик билан шафтолининг барглари ва новдалари эрта баҳордан бошлаб зарарланади. Баргларнинг ўлчами катталашади, эти қалинлашади, шакли бузилади, усти ғадир-будур, қинғир-қийшиқ бўлиб, бужмаяди, қизғиш-пушти ёки қаҳрабо-сарғиш, охири қўнғир тус олади, мўрт бўлиб қолади ва пасткиларидан бошлаб тезда тўкилиб кетади, новдалар ялонғоч бўлиб қолади. Мевалар ўсмай қолади ва қурийди. Зарарланган ёш новдалар қинғир-қийшиқ бўлиб, сарғиш тус олади, айримлари ўсув даврида, бошқалари эса биринчи совуқ тушганда нобуд бўлади. Барглари тўкилган ва новдалари зарарланган дарахтлар нимжон бўлиб қолади, ўсиши секинлашади, мева куртаклари кам шаклланади, келгуси йил ҳосили камаяди. Эрта баҳорда сернам ва салқин (6-8оС)  шароитда дарахтларнинг ёзилаётган барглари ва ёш новдаларини зарарлайди. Касалликнинг 1-нчи бошланиш йилларида барглар тўкилади, юқори ёш новдалар нобуд бўлади, бу эса дарахтларнинг кучли емирилишига ва ҳосил камайишига олиб келади. 2-нчи йилга дарахтларнинг зарарланиши туфайли мева тугмайди ва 3-нчи йил эса дарахтлар нобуд бўлади.

Касалликни ривожланиши учун қулай ҳарорат 17–19оС ва ҳаво намлиги 70,0–85,0% ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ зарарланган новдалардаги яралар ва куртакларда қишлайди. Улар ёмғир ва шамол ёрдамида тарқалади (7-расм).

7-расм. Шафтолининг барг бужмайиш касаллигини белгилари:

Бактериал куйдирги касаллиги. Мевали дарахтларнинг куйдирги касаллигини Еrvinia amylovora бактерияси  қўзғатади. Баҳорда шира ҳаракати бошланиш пайтида бактерия фаоллашади ва кўпая бошлайди. Юқори ҳаво намлиги ҳамда 18-20оС ёки юқорироқ ҳарорат бактерия кўпайиши учун қулай шароит туғдиради. Бундай шароитда бактерия ўсимликда тез (бир суткада 70 см гача) тарқалади. Бактерия кўпайиши натижасида зарарланган аъзолар устида кичик томчилар ёки кўзга ташланмайдиган юпқа парда шаклида чиқувчи экссудат (суюқлик) ҳосил бўлади. Ушбу суюқлик гуллар, барглар ва бир йиллик новдалар зарарланиши учун бирламчи инфекция манбаидир. Касалликни қўзғатувчи бактерия одатда уруғчи оғизчасида ривожланади. Ёмғир ёғиши ва кучли шудринг тушиши бактериялар уруғчи оғизчасидан сув томчилари билан ювилиб, тарқалишига ҳамда касаллик фаол ривожтланишига имконият яратади. Барг, мева, новда ва дарахтларнинг ёғочлашган қисмларига бактериялар яралар, чатнашлар ёки табиий тешиклар орқали киради (8-9 расмлар).

Қуёш нурлари остидаги суюқликда бактерия ҳаётчанлигини 22 соатгача, сояда эса 2 ойгача сақлаши мумкин. Бактериал куйдирги касаллигини ривожланишига ҳаво нисбий намлиги ва ҳарорат таъсир қилади. Ҳарорат 29оС дан 16оС гача пасайганда яширин даври сезиларли даражада чўзилишига олиб келади. Бактерия ўсиши учун қулай ҳароратлар 18 ва 30оС, ҳаво ҳарорати 43-50оС га етганда нобуд бўлади. Бактерия ўсимликларга ёмғир, шамол, ҳашаротлар (асаларилар, пашшалар ва чумолилар), қушлар пайванд ва шакл бериш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар орқали тарқалади. Бактерия зарарланган ўсимликларни яраларида қишлайди.

8-расм. Бактериал куйдирги билан зарарланган нок мевалари ва барглари.

        МЕВАЛИ  ДАРАХТЛАРНИ УЙҒУНЛАШГАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ

Ўсимликларни уйғунлашган ҳимоя қилишда ўсимликларда учрайдиган касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни тур-таркибини аниқлаш, тарқалиш ареали, зарари ва биоэкологик хусусиятларини ўрганган ҳолда қарши кураш олиб бориш мақсадга мувофиқдир. Мевали дарахтларни касалликларига қарши курашда агротехник ва кимёвий кураш чораларини ўз вақтида олиб бориш сифатли ва юқори ҳосил олиш имкониятини яратади.

Агротехник усул.  Бу усулда ерни кўчат экишга тайёрлаш, тупроқ иқлим шароитига эътибор берган ҳолда навларни тўғри танлаш, кўчатларни экиш жараёнида агротехник қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, тиним даврида зарарланган ва ортиқча новдаларни қирқиб дала ташқарисига чиқариб ёқиб юбориш, бегона ўтларни йўқотиш, органик ва минерал ўғитларни солиш ёрдамида дарахтлар учун қулай, касаллик ва зараркунандаларни ривожланиши, кўпайиши ва тарқалиши учун ноқулай шароитлар яратилади. Касалланган ва ортиқча новдаларни кесиб олишда фойдаланиладиган боғ арраси, қайчи ва пичоқларни бир дарахтдаги новдаларни кесганда 70% ли спирт билан дезинфекция қилиб олиш керак, чунки касаллик фойдаланилган асбоблар орқали ҳам юқади. Бактериал куйиш ва монилиоз билан зарарланган новдаларни касаллик бошланган жойни 10-15 см пастки қисмидан кесиб олиб, кесилган жойга боғ суртмасидан ёки мойли буёқдан суртиб қўйиш лозим. Кесиб олинган новдалар дала ташқарисига чиқарилиб ёқиб юборилганда касаллик қўзғатувчи патогенлар нобуд бўлади ва касалликларни тарқалишини олди олинади.

Касалликларга қарши кимёвий кураш чоралари. Интенсив усулда етиштирилаётган  мевали дарахтларда касалликларни ривожланиши ва касаллик қўзғатувчи патогенларни кескин камайтириш мақсадида махсус препаратларни қўллаш талаб этилади. Кимёвий кураш чораларини эрта баҳорда ўсимлик уйғонмасдан олдин  ва гуллашдан кейин ҳамда кеч кузда фунгимцидлар билан ишлов бериш, об-ҳаво башоратини ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги фунгицидларни алмашлаб, гектарига 1000 л ишчи эритмани эрталаб ёки кечки салқинда қўллаш тавсия этилади.

Интенсив усулда етиштирилаётган мевали дарахтларни асосий замбуруғлар қўзғатадиган калмараз, ун шудринг, монилиоз, клястероспориоз, шафтолини барг бужмайиш ва олхўри чўнтакчаси касалликларига қарши қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

  • Мевали дарахтларни тиним даврида (куртаклар ёйилишидан олдин) 3-4% ли Бордо суюқлиги билан дарахтларни жиққа ҳўллаб ювиш керак;
  • Куртак ёйилиш даврида (гуллашдан олдин) 1% ли Бордо суюқлиги, фалкон гектарига 0,5 л (10 л сувга – 5 мл), альто супер 0,3 л (10 л сувга – 3 мл), панч 0,075 л (10 л сувга – 0,75 мл), топсин-М 1,0 кг (10 л сувга – 10 гр), скор 0,2 л (10 л сувга – 2 мл), ампакт 0,1 л (10 л сувга – 1 мл), дифен супер 0,25 кг (10 л сувга – 2,5 гр) ва строби 0,2 кг(10 л сувга – 2 гр) фунгицидларидан бирини қўллаш лозим;
  • Ўсув даврида (гуллашдан сўнг)фалкон гектарига 0,5 л (10 л сувга – 5 мл), альто супер 0,3 л (10 л сувга – 3 мл), панч 0,075 л (10 л сувга – 0,75 мл), топсин-М 1,0 кг (10 л сувга – 10 гр), скор 0,2 л (10 л сувга – 2 мл), ампакт 0,1 л (10 л сувга – 1 мл), дифен супер 0,25 кг (10 л сувга – 2,5 гр) ва строби 0,2 кг(10 л сувга – 2 гр) фунгицидларидан бирини навбатма-навбат ҳар 10-14 кун оралатиб қўллаш тавсия этилади.

Бактериал куйдирги касаллигига қарши қуйидаги кураш тадбирлари амалга оширилади:

  • Мевали дарахтларни тиним даврида (куртаклар ёйилишидан олдин) 3-4% ли Бордо суюқлиги билан дарахтларни жиққа ҳўллаб ювиш керак;
  • Куртак ёйилиш даврида (гуллашдан олдин) фитолавин фитобактериомицини гектарига 2,0 л+ фармайод 0,5 л (10 л сувга – 20+5 мл) препаратларини қўшиб ишлов бериш лозим;
  • Гуллаш даврида (қийғос гуллаганда) фитолавин билан гектарига 2,0 л (10 л сувга – 20 мл) ишлов бериш керак;
  • Ўсув даврида (гуллашдан сўнг) фитолавин гектарига 2,0 л + фармайод 0,5 л (10 л сувга – 20+5 мл), спорагин 4-6 л (10 л сувга – 40-60 мл) ва альетт 3 кг (10 л сувга – 30 гр) препаратларидан бирини  навбатма-навбат ҳар 10-14 кун оралатиб қўллаш лозим.

      Қора рак ва бактериал ракка қарши қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим;

Мевали боғларда учрайдиган замбуруғли касалликларга қарши юқорида тавсия этилган фунгицидлар ҳам қора ракка яхши самара беради. Қора рак ва бактериал рак таъсирида зарарланган пўстлоқларни тозалаш ҳаво ҳарорати 150С дан паст бўлганида амалга оширилади, бунда зарарланган пўстлоқни (унинг атрофидаги 1,5-2 см келадиган зарарланмаган қисмини ҳам қўшиб) ёғоч қисмигача ўткир пичоқ билан кесиб тозаланади ва боғдан чиқариб, ёқиб юборилади, тозаланган жойни 1-2% мис купораси (10 л сувга – 100-200 гр) ва 0,2% ли фитолавин (10 л сувга – 20 мл) билан зарарсизлантириш ва унга дарҳол боғ суртмаси (70% нигрол +30% кул) ёки мойли бўёқ суркаш лозим бўлади.

ФУНГИЦИДЛАРНИ ҚЎЛЛАШДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ

  1. Фунгицидларни уларнинг ишчи эритмаларини тайёрланадиган жойларга келтириш, тайёрлаш, пуркагич идишларига қуйиш ва ўсимликларга пуркаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий этилган тартиб ва қоидалар асосида амалга оширилиши шарт.
  2. Фақат махсус тайёргарликдан ўтган кишилар фунгицидлар билан ишлашга жалб этилиши лозим. Балоғат ёшига етмаганлар, кексалар, хомиладор ва эмизикли аёллар кишиларнинг иштирок этиши қатъиян ман этилади.
  3. Фунгицидларни қўллашда иштирок этувчи кишиларга махсус коржома, сув ўтказмайдиган оёқ кийимлар, қўлқоплар, кўзойнаклар, респираторлар каби шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.
  4. Фунгициларни ишлаш вақтида ичиш, чекиш ва овқатланиш мумкин эмас. Ишдан сўнг пуркагич идишларини чайиб тозалаш, ўтказгич шлангалар ва учликларни ювиш, иш кийимларни (коржомалар, оёқ кийимлар, қўлқоплар, кўзойнаклар, респираторлар) ечиб тозалаш, қуритиладиган жойларга осиб ёки тахлаб қўйиш, яхшилаб совун билан ювиниш, тоза кийим кийиб овқатланиш ва дам олиш лозим.
  5. Ишчи эритмаларни очиқ сув хавзалари яқинида тайёрлаш, ишлатилган жихозларни сув хавзаларда ювиш ёки қолган эритмаларни оқава сувларига тўкиш қатъиян ман этилади.
  6. Иш давомида препаратларнинг тўкилиши, сочилиб кетиши каби ҳолларга йўл қўймаслик зарур. Агар эҳтиётсизлик туфайли препарат тўкилса ёки сочилиб кетса , зудлик билан унинг устига бирор шимиб олувчи қум ёки тупроқ сепиб қориштирилади ва қоришма чуқур кўмиб ташланади.
  7. Кўпчилик фунгицидлар кўзнинг шиллиқ қаватини, нафас йўлларини ҳатто терини яллиғлаш хусусиятига эга. Шунинг учун уларни тананинг бирор қисмига, ҳатто кийимларга тўкилиши, сачраши тегиб кетишига йўл қўймаслик тавсия этилади. Акс ҳолда препарат теккан жойни яхшилаб тозаланиши ва зарур эҳтиёт чоралари кўрилиши лозим.

8.Фунгицидлардан бўшаган идишларни шу заҳотиёқ зарарсизлантириш чораларини кўриш, яроқсиз ҳолга келтириб кўмиб ташлаш, ортиб қолган ишчи эритмаларни, пуркагич ва жихозлар ювилган оқава сувларни махсус ураларга тўкиб кўмиб ташлаш, ювиб тозаланган пуркагич ва жихозларни қуритиб, келгуси мавсум учун тахт қилиб қўйиш, ортиб қолган препаратларни эса қулфланадиган, шамолланадиган махсус омборларда эҳтиёт қилиб сақлаш лозим.

ЎҲҚИТИ Матбуот хизмати

 

Want to Join With Us
Join your hand with us for a better life and beautiful future